Берлинда "Халқаро яшил ҳафталик"
2023-йилнинг 19-21-январь кунлари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги делегация вакиллари “Халқаро яшил ҳафталик (IGW)” ўтказилаётган Берлин шаҳрида (Германия) расмий ташриф билан бўлишмоқда. Ҳафталик доирасида қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва халқаро озиқ-овқат кўргазмаси ташкил этилади. Унда республикамиз “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” стендини тақдим этади. Ушбу ҳафталикда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов ҳам иштирок этмоқда.
240 квадрат метр майдонга жойлаштирилган Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимиз вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорларнинг миллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Жумладан: 227 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, қайта ишланган сут ва гўшт маҳсулотлари, ёғ ва ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, маргарин маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни миллий таомларни (шўрва, сомса, нон ва бошқалар) тайёрлаб, кўргазма меҳмонларини сийлашади.
Ўзбекистон тадбиркорлари “Яшил ҳафталик”да бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида иштирок этиб, турли маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш бўйича шартнома ва битимлар тузишга тайёр. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун қўшимча имкониятларни кенгайтиришни режалаштирган. Ўзбекистон билан Германия ўртасида савдо-бозор муносабатларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, мамлакатимизда етиштирилаётган зотли қорамол, гўшт ва гўшт-сут маҳсулотларини импорт қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирилди. Германия томони мамлакатимизнинг балиқчилик тармоғига ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг “Яшил ҳафталик”да иштирок этишидан кўзланган мақсад — қатор музокаралар олиб бориш, шунингдек, умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт шартномаларини тузишдан иборат.
Шу тариқа, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари 19-январь куни Берлинда бўлиб ўтадиган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро форумда (GFFA) иштирок этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг расмий ташрифи доирасида вазир Азиз Воитовнинг Мўғулистон, Германия, Қозоғистон, Канада, Грузия каби давлатлар вазирлари ва қишлоқ хўжалиги вакиллари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Полша, Нидерландия, Латвия, Франсия, Туркия, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) раҳбарлари билан ҳам учрашувлар кутилмоқда.
Малумот учун:
Халқаро яшил ҳафталик (IGW) —бу озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик бўйича халқаро савдо ярмаркаси ҳисобланади.
Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари ташриф буюриб, кўргазма майдонида ўз маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Кўргазмада иштирокчилар ўз маҳсулотларини синовдан ўтказади, унинг одамлар учун қизиқарли ёки аксинча эканини таҳлил қилади, шунингдек, ўз маҳсулотлари номини ва бутун мамлакат имиджини мустаҳкамлайди. Сўнгги йилларда улар фермерларга замонавий хизматларни (масалан, қишлоқ жойларда харид қилиш ва дам олиш), шунингдек, қайта тикланадиган энергия ва ресурслар ҳақида ма‘лумотларни таклиф қилишмоқда. Кўргазмада Германия ва бошқа мамлакатлардан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, боғдорчилик ва балиқчиликнинг барча йўналишларидан вакил ва мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.
Кўргазманинг тематик бўлимлари қуйидагилардан иборат: ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари; қишлоқ жойлари учун кўнгилочар дам олиш; фермер хўжалиги тадбирлари; органик маҳсулотлар; қайта тикланадиган ресурслар; халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари; фаст фоод таомлари; келажакдаги озиқ-овқат тендентсиялари; вино; агросаноат; гуллар; чорвачилик.
20.01.2023
16:58