Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилишни янада жадаллаштириш, тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашувини кенгайтириш борасидаги Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:
1. Савдо-саноат палатасига (кейинги ўринларда – Палата) қуйидаги ваколатлар берилсин:
Ҳукуматга ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки уни чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш тўғрисидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш;
Палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш;
тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни тўғридан-тўғри Бош вазирга киритиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ифодалаш;
бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида, тадбиркорлик масалалари борасида жамоатчилик эшитувларини ташкил қилиб бориш;
тадбиркорликни ривожлантириш, республиканинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бизнес вакиллари ва бошқа шахсларни мукофотларга тавсия қилиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ҳудудий давлат органларига ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари ва ҳокимлар билан ҳудуддаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати, тадбиркорлик соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг ижроси натижадорлиги бўйича танқидий муҳокамалар ўтказиб бориш.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 1 февралдан бошлаб:
микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилинади ҳамда қонунда назарда тутилган аъзолик билан боғлиқ Палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга, Палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно;
тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар аъзо сифатида рўйхатга қўйиш учун Палатага электрон тизим орқали юборилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (кейинги ўринларда – Жамоат фонди) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари (кейинги ўринларда – ҳудудий жамоат фондлари) ҳисобидан Палатанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ, мос равишда Палата ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади;
Палата ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат субсидиясининг сарфланиши бўйича ҳар йили тегишинча Жамоат фонди ҳамда ҳудудий жамоат фондларига ҳисобот бериб борилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда Палата ва унинг ҳудудий бўлинмалари учун тавсиявий штатлар меъёрлари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлаш ва ҳудудий жамоат фондларига етказиш тавсия этилсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Палата тадбиркорлик субъектларининг манфаатларида Ўзбекистон Республикаси судларига тақдим этадиган ариза, даъволар ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи тўловларидан озод этилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда Палатага миллий ҳамкор бириктириш талаби қўлланилмайди;
давлат органлари ва идоралар томонидан тадбиркорликка оид барча ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Палата лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади.
5. Палатанинг тадбиркорлик соҳасида тармоқлар билан тўғридан-тўғри ишлаш, уларнинг ўзига хос муаммоларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва ечимини топиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш механизмини яратиш мақсадида унинг ҳузурида жамоатчилик асосида тармоқлар кесимида қўмиталар ташкил этилсин.
Бунда, ушбу қўмиталарга келишув асосида иқтисодиёт тармоқлари бўйича фаолият юритаётган уюшмалар раислари раҳбарлик қилади ва улар бир вақтнинг ўзида Палата раисининг маслаҳатчиси ҳисобланади.
6. Палата, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тадбиркорлар билан жойларда тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида жамоатчилик асосида асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланган, камида 20 нафар илғор тадбиркорлардан иборат Тадбиркорлик кенгашларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин:
доимий равишда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилиб бориш;
тадбиркорлар ўртасида бизнесга оид қонунчилик ҳужжатлари моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ишларини амалга ошириш;
тармоқ корхоналари орасида кооперацияни йўлга қўйиш;
жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда таклифларни Палатага тақдим этиб бориш.
7. Республика ҳудудларида ташкил этиладиган “Тадбиркорлар хиёбонлари”нинг (кейинги ўринларда – хиёбонлар) рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда:
а) хиёбонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан Савдо-саноат палатасига тўланган аъзолик бадаллари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳамда маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан барпо этилади;
б) ташкил этилаётган хиёбонларда:
тадбиркорлар, банк вакиллари, инвесторларнинг бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда "B2B" тадбирлари ва "коворкинг" фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилади, Wi-Fi зоналар ташкил қилинади;
фаол тадбиркорларнинг эришган натижаларини намойиш этиш мақсадида йил давомида кўргазмалар ўтказиб борилади;
хиёбонлардаги бино-иншоотлар Палатанинг ҳудудий бошқармалари балансига ўтказиб берилади.
Палата Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2 ой муддатда ҳудудларда бўш турган, самарасиз ишлатилаётган давлат кўчмас мулк объектлари негизида республика ҳудудларида хиёбонлар ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Белгилансинки, Палатанинг ташкилий тузилмаси, унинг ижроия қўмитаси, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар)лар бўлимлари тузилмалари Палата раиси томонидан унинг Раёсати билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Палата (Ваҳобов) бир ой муддатда:
Палата раиси ўринбосарлари ўртасида аниқ вазифалар ва функцияларни тақсимлаб, Палата ижроия қўмитаси ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмалари ҳамда штат бирликларини тасдиқласин;
Палата ижроия қўмитаси ва ҳудудий бўлинмаларининг малакали, чуқур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлган, ўз вазифаларини самарали ва масъулият билан бажарадиган кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
9. Марказий банк, Адлия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси ва Статистика агентлиги республикадаги ишбилармонлик муҳити, бизнес юритиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлиги ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида уч ой муддатда ўз электрон ахборот тизимлари Палатанинг электрон ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.
10. Палата икки ой муддатда:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда республика ҳудудларида стартаплар, бизнес-инкубаторлар ва бошқа кичик тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун нобанк кредит ташкилотларини ташкил қилиш;
илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда дуал таълим тизимини такомиллаштириш, “Устоз-шогирд” анъаналарининг замонавий механизмларини тажриба тариқасида 3 та олий ўқув юртининг 3- ва 4-босқичига ҳамда 2 та касб-ҳунар коллежига жорий қилиш;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 23 январь
24.01.2023
17:54