Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув
Жорий йилнинг 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов билан учрашди.
Учрашув давомида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилаётганига эътибор қаратди.
Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистон билан табиий газ, машинасозлик, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйган.
Таъкидлаш жоизки, 2022-йил 1-октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида Қозоғистон капитали иштирокидаги 1184 та корхона (485 та Қўшма корхона ва 100 фоиз Қозоғистон капитали билан 699 та корхона) фаолият юритмоқда. Асосий йўналишлари: савдо операциялари, транспорт, логистика ҳизматлари, қурилиш материаллари ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш.
Учрашув давомида Палата раиси Даврон Ваҳобов томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига яқин ҳудудларда савдо зоналарини ташкил этиш ва бунда икки давлат фуқаролари ушбу зоналарга кирди-чиқди мухрларини олмасдан савдо алоқаларини ташкил этиш таклифи берилди.
Қолаверса, учрашувда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон-Қозоғистон Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиши режалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов томонидан эса Ўзбекистон-Қозоғистон Савдо-саноат палатаси ташкил этиш таклифи берилди, ўз навбатида, Палата раиси Даврон Ваҳобов ушбу таклиф Ишбилармонлар кенгаши йигилишида кўриб чиқлиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, учрашув давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, тадбиркорлар ва инвесторлар учун зарур ахборот манбаига айланувчи бизнес майдончасини яратиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
ССП матбуот хизмати
07.02.2023
10:07