Туризм соҳасини транспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги муаммолар Савдо-саноат палатасида муҳокама қилинди
Савдо-саноат палатасига Ўзбекистон Туризм транспорти уюшмасининг мурожаати келиб тушди.
Мазкур мурожаат асосида бугун Палатада Маданият ва туризм вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Туризм транспорти уюшмаси ҳамда туризм соҳасидаги тадбиркорлар иштирокида ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Унда туризм соҳасида йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришда қўлланиладиган имтиёзлар доирасини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон ҳудудида туризм соҳасида фойдаланиладиган автобус ва микроавтобус воситалари ҳаракатини кенгайтириш имкониятлари, хусусан транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Амалиётдаги мавжуд муаммолар ва уларга таклиф этилаётган ечимлар умумлаштирилган ҳолда, кўриб чиқиш учун Ҳукуматга ва тегишли идораларга юборилиши келишиб олинди.
ССП матбуот хизмати
24.02.2023
19:59