Тошкентда “Franchising Expo Uzbekistan” Халқаро франчайзинг кўргазмаси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 15-18 март кунлари «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Тошкентда илк бор “Franchising Week Uzbekistan” франчайзинг ҳафталиги бўлиб ўтади. Ушбу ҳафталик доирасида Ўзбекистон Савдо-Саноат палатаси кўмагида 16-март куни “Franchising Expo Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтди.
Franchising Expo Uzbekistan кўргазмаси – франчайзерлар ва потенциал франчайзерлар учун йирик платформа ҳисобланади. Ташкилотчиларнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда франчайзинг тармоқларини ривожлантириш ва ўзбек брендларини халқаро миқёсга олиб чиқиб, жаҳон миқёсида кенг танитиш имкониятларини яратишдир.
Кўргазманинг расмий очилиши Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили ва Ўзбекистон франчайзинг Ассоциацияси президенти Мурат Аъзамов иштирокида бўлиб ўтди.
Кўргазмада 10 та давлатнинг 100 дан ортиқ фаол хорижий ва маҳаллий франчайзинг тармоқлари, хусусан, умумий овқатланиш бизнеси, озиқ-овқат чакана савдоси, мода чакана савдоси, ишлаб чиқариш, таълим соҳаси, гўзаллик ва саломатлик соҳасидаги франшизалар иштирок этди.
Қолаверса, кўргазма доирасида 30 дан ортиқ етакчи халқаро экспертлар, франчайзинг орқали катта даромадга эришган муваффақиятли тадбиркорлар, шунингдек, давлат идоралари, йирик франчайзинг тармоқлари ва қўллаб-қувватлаш институтлари вакиллари ҳам нутқ сўзлаб, ўз тажрибалари билан бўлишди.
Ташриф буюрувчилар бизнесининг ишончли ва манфаатли франшизалари ҳақида маълумотга эга бўлди ва франшизалар бозорининг сўнгги янгиликлари билан танишди.
Тадбирда Ўзбекистондаги франчайзинг бозорининг истиқболлари, франчайзинг бозорига тезкор кириш ва франчайзингни тўғри танлаш йўллари, бизнес учун замонавий IT воситалар, франчайзингнинг афзалликлари ва ўзбек брендларини жаҳон даражасига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ушбу кўргазма франчайзерлар ва франшиза харид қилувчилар учун манфаатли бизнес ҳамкорлик ўрнатиш ва барқарор ўсаётган мижозларни топиш учун катта имконият бўлади.
ССП матбуот хизмати
16.03.2023
17:41