Ислом тараққиёт банки делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
Савдо-саноат палатасида 16-март куни ССП раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов Ислом тараққиёт банкининг Иқтисодий имкониятлар департаменти директори, доктор Н.Галлеб бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Маълумот учун: ITBга дунё бўйлаб 57 давлат аъзо ва унинг устав фонди 150 миллиард долларни ташкил қилади. ITB 16 миллиард доллардан ортиқ операцион активлари ва 70 миллиард долларлик устав капитали билан дунёдаги энг йирик ислом банкларидан бири ҳисобланади.
Жамғарма Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни, иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш ва қашшоқликка қарши курашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Жамғарма устав капиталининг бошланғич миқдори 100 миллион долларни ташкил этади. Жамғарманинг асосий хусусиятларидан бири техник кўмак бериш механизми ҳисобланади. Яъни якуний бенефициарларга лойиҳаси молиявий жиҳатдан муваффақиятли бўлиш эҳтимолини оширишда ҳамда иш ўринлари яратиш нуқтаи назаридан бизнес ҳаёти ва тармоқларида зарур билимлар базасини ривожлантиришда ёрдам берилади.
Томонлар кичик ва ўрта корхоналар билан алоқаларни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, шунингдек, аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун тажриба ва билим алмашиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
ССП матбуот хизмати
17.03.2023
09:16