Савдо-саноат палатасининг туризм соҳасини транспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги таклифлари Давлат раҳбари томонидан маъқулланди
Аввал хабар берилганидек, Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Туризм транспорти уюшмасининг мурожаати асосида ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда:
туристик автобус ва микроавтобусларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда имтиёзларнинг қўлланилиши;
мамлакатда туристик автобус ва микроавтобуслар ҳаракатини кенгайтириш имкониятлари, хусусан транспорт инфратузилмасини яхшилаш муаммолари муҳокама қилинди.
Ушбу муаммолар юзасидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
- туристик автобус ва микроавтобусларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда қўшимча имтиёзлар бериш;
- Бўстонлиқ туманининг 4Р6-автомобиль йўли бўйлаб Чимён, Билдирсой, Ғазалкент, Чорвоқ ва Юсупхона ҳудудларига;
- Наманган вилоятидан Тошкент вилоятига ўтувчи “Қамчиқ” довонида (А-373 автомобил йўли);
- Жиззах вилоятидан Самарқанд вилоятига олиб борувчи М-39 автомагистрали (Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларидаги 31 км.лик) йўлида туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат бериш.
Йиғилишда ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга юборилган эди.
Жорий йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Хусусан:
- 1 апрелдан туроператор, меҳмонхона ва ташувчиларга 10 ва ундан ортиқ ўриндиқли ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган автотранспортни олиб киришда божхона имтиёзлари берилиши;
- 10 апрелдан хавфсизлик чораларини кўриб, “Қамчиқ” довони орқали туристик микроавтобус (15 кишигача), Жиззах довони, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат берилиши таъкидланди.
ССП матбуот хизмати
30.03.2023
09:55