Республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлашмоқда
Барчамизга маълумки, Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, аҳолини эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2022 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларининг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорнинг 1-иловасига асосан 2023 йил 1 июлга қадар баъзи товарларга импорт божхона божининг ноль ставкаси қўлланилиши назарда тутилган эди.
Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-41-сонли Фармони қабул қилинди. Унга асосан, ички бозорни биринчи даражали маҳсулотлар билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, жами 36 турдаги товарларни олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси белгиланишига оид имтиёзнинг 2024 йил 1 январгача қўлланилиши белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур имтиёз натижасида ушбу рўйхатга кирувчи 36 гуруҳга мансуб 1000 дан ортиқ маҳсулотлар нархларининг асоссиз ошиб кетишининг олди олинди.
Жумладан, ушбу маҳсулотлар сирасига гўшт ва сут маҳсулотлари, ҳўл мева ва сабзавотлар, дуккакли экинлар, ун, какао, шоколад ҳамда бошқалар киритилган.
Шуниси аниқки, мамлакатимизда содир бўлаётган мазкур ижобий ўзгаришлар Президентимизнинг халқпарвар ва адолатли сиёсатининг самараси деб айтиш мумкин.
Божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган товарлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун: https://lex.uz/docs/6041630
ССП матбуот хизмати
03.04.2023
14:35