Тошкентда Ўзбекистон-Литва бизнес-форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон-Литва бизнес-форуми ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида “В2В” форматида ишбилармонлик музокаралари бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Литва Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги билан ҳамкорликда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни Литванинг Фавқулодда ва мухтор Элчиси Гинтаутас Васиулис, Литва Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Юлий Скачкаускас ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Чориев Жасурбек кириш сўзи билан очди.
Тадбирда икки мамлакат давлат идоралари вакиллари, миллий компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари, хусусан, транспорт, логистика, озиқ-овқат, божхона, мебель каби соҳаларда фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Форум доирасида Ўзбекистон ва Литва компаниялари раҳбарлари икки мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишлари бўйича истиқболли лойиҳалар тўғрисида тақдимотлар ўтказди.
Тадбир давомида ушбу мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Иштирокчилар иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирдилар.
Тадбир якунида “В2В” музокаралари бўлиб ўтди, унда томонлар ўзаро савдони фаоллаштириш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичига олиб чиқишга қаратилган логистика соҳасини ривожлантириш бўйича ишбилармонлик таклифлари билан алмашдилар.
ССП матбуот хизмати
04.04.2023
17:58