“Тадбиркор – Ўзбекистон” журналининг илк сони тақдимот маросими бўлиб ўтди
11 апрель куни “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида 30 апрель – умумхалқ референдуми куни хамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган “Тадбиркор – Ўзбекистон” журналининг илк сони тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда юртимизнинг энг илғор 400 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳoбов чиқиш сўзи билан очиб берди. Ўз чиқишида Палата раиси сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятига қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилаётганлигини ва олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ҳар йили ўртача 100 мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилаётганини ва ҳозирда уларнинг сони 650 мингдан ортганини таъкидлади.
Хорижий инвесторлар ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч билдириб, ўз инвестициялари билан иқтисодиётнинг ривожланишида иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхонлар сони 3 маротаба ошиб, 14 мингтадан ортиқни ташкил этди.
Қолаверса, тадбирда юртимизнинг илғор ва етакчи тадбиркорлари, жумладан, “M-FAKTOR” МЧЖ таъсисчиси Ҳасан Мамасаидов, Фарғона вилоятидаги “Fergana Global Textile” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси Музаффар Раззоқов, “Koç Construction” раҳбарининг ўринбосари Илькер Догрул, Бухоро вилоятидаги “Арзиман бону чорваси” фермер хўжалиги раиси Гулмурод Умаров, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги “Termiz Golden City” МЧЖ раҳбари Жамшид Пардаевлар ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда тадбиркорлар манфаати йўлида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётганини ва тадбиркорлик фаолиятига қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотлар самарали натижа бераётгани тўғрисида таъкидлади.
Айтиб ўтиш жоизки, тадбиркорлик фаолиятининг фундаментал ва ҳал қилувчи асослари, яъни мулк ҳимояси ва эркинлик кафолатлари янгиланаётган Конституцияда олий ҳуқуқий куч даражасига кўтарилмоқда.
Оддий айтганда, тадбиркорлик фаолиятининг тамал тошлари ҳисобланган мулк ва эркинлик бевосита Конституция ҳимоясига олинмоқда.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган “Тадбиркор – Ўзбекистон” журналининг илк сони тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 августдаги “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги ПҚ-356-сон қарорига асосан ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган тадбиркорлик субъектини ўзида акс эттирган китоб чоп этиб борилиши белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, 2022 йилда турли даражадаги мукофотлар билан тақдирланган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётига инвестициялар киритиб, иқтисодий ўсиш суръатларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган хорижий мамалакатлар ишбилармон доиралари вакилларининг фаолиятини ёритиш мақсадида ушбу “Тадбиркор – Ўзбекистон” журнали тайёрланди.
Илғор натижаларга эришган, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган, тадбиркорларнинг фаолиятини ушбу журналда ёритиб бориш мақсад қилинган.
Тадбир юртимиз тадбиркорлари учун ташкил этилган ифторлик дастурхони билан якунланди.
ССП матбуот хизмати
12.04.2023
16:53