Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг икки томонлама музокаралари бўлиб ўтди.
Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Чехия компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича чех компанияларининг тажрибаси тақдимотини ўтказиш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат.
Ушбу форум очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала иштирок этиб, сўзга чиқди.
Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиаланинг айтишича, чехиялик ишбилармонлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Шунингдек, тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори М.Мирзаев, Чехия Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари М.Штефль ҳамда модератор – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов иштирок этди.
Айтиб ўтиш жоизки, Чехия Республикаси мамлакатимизнинг Европадаги энг муҳим ҳамкорларидан бири саналади. Кейинги пайтда, айниқса, иқтисодий, инвестициявий муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, ўзаро савдо алоқалари учун қулай муҳит яратилди. Натижада товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ортмоқда. Хусусан, 2022 йил давомида ўзаро савдо ҳажми 184,8 млн. АҚШ долларини, жумладан, экспорт – 30,5 млн. АҚШ долларини, импорт – 154,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Чехияда юртимизда ишлаб чиқарилган табиий мато ва газламалар, шунингдек, хизматларга талаб катта бўлса, ўз навбатида, мамлакатимизга қора металл, фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника буюмлар етказиб берилади.
Мамлакатимизда Чехия Республикаси капитали иштирокида 48 корхона мавжуд. Шундан 21 таси 100% Чехия Республикаси капитали асосида фаолият юритиб келмоқда.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» учрашувида 80 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди ҳамда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
ССП матбуот хизмати
25.04.2023
16:52