Тадбиркорлар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди
Мамлакатимиз иқтисодиётида тадбиркорлик субъектлари фаолияти тобора ривожланиб, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар улуши тобора ўсиб бораётган бир вақтда, иқтисодиётимиз ривожига жиддий ғов солаётган давлат органлари билан ўзаро муносабатларда учраётган коррупция иллатига нисбатан тадбиркорларнинг муносабати аҳволи таҳлил қилиб бориш мухим аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасида давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўров ўтказиш ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиш вазифаси юклатилган.
Шу боис, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2023 йилнинг биринчи чораги мобайнида жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида вужудга келаётган тизимли муаммолар, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар, коррупцион муносабатларга тўқнаш келиш каби масалалар ҳолатини ўзида акс эттирувчи аноним ва онлайн сўровнома ўтказилди ва натижалари таҳлил қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида вужудга келаётган тизимли муаммоларни ўрганиш бўйича ўтказилган сўровномада 2490 та тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.
Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг аксарияти МЧЖ (748 та) ва ЯТТ (457 та) шаклида фаолият юритмоқда, шундан МЧЖларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (99 та) ва Фарғона водийси вилоятларида жойлашган (240 та). ЯТТларнинг асосий қисми Тошкент (111), Фарғона (48), Сирдарё (41), Андижон (45) ва Бухоро (41) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Сўровнома жараёнида тадбиркорлар айрим саволларга қуйидагича жавоб беришган, хусусан, “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида коррупцион ҳолатга дуч келганмисиз? – деган саволга респондентларнинг 58,8 % “хеч қачон” жавобини беришган.
“Сизнингча, сўнгги бир йил давомида Сиз яшаб келаётган туман(шаҳар)да коррупция даражаси ўзгардими? – деган саволга респондентларнинг 66,6% “камайди” жавобини беришган.
Охирги бир йил давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида мансабдор шахсларга норасмий тўлов ёки совға қилишга мажбур бўлганмисиз?– деган сўровга респондентларнинг 80,4% “йўқ” деб жавоб қайтаришган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йиллар давомида коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганлиги, бу борадаги самарали профилактик тадбирлар натижасида тадбиркорларда бу иллатга нисбатан мустаҳкам иммунитет тобора шаклланиб бормоқда, бугунги кунда аксарият тадбиркорлар коррупцион ҳолатларга дуч келмаётганликларини таъкидлашмоқда, уларнинг фикрича, сўнгги бир йил ичида мамлакатимизда коррупция даражаси камайган.
Ушбу эса юртимиз иқтисодиётининг таянчи бўлмиш тадбиркорлик фаолияти учун тобора шаффор ва адолатли муҳит юзага келаётганлигининг яққол исботидир.
Бироқ банк соҳасида, лицензия олишда ва ер майдонларини ажратишда ҳанузгача коррупция даражаси юқорилиги ушбу йўналишларда коррупция қарши курашишни изчил даво эттиришни тақозо қилмоқда.
ССП матбуот хизмати
26.04.2023
13:54