“Туркий давлатлар ўртасида темир йўл транспорти боғлиқлиги: Фарғона водийси – Анадолу” Халқаро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига раислиги доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўллари идоралари мутасаддилари, ўз карго терминалига эга йирик логистика марказлари вакиллари, экспортёрлар ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Марказий Осиёнинг уч мамлакатини қамраган Фарғона водийси ҳамда Туркиягача бўлган ҳудуд ўртасидаги темир йўлларда юк ташиш ҳажмини ошириш имкониятлари ҳамда бу борада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти президентларининг саммити доирасида янги транспорт транзит коридорларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришилган эди. Бугунги форум, ушбу келишув доирасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳамда келгуси аниқ режаларни белгиловчи тадбир бўлди.
Тадбирнинг очилишида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Туркий давлатлар ўртасида транспорт-логистика тизимининг ривожланиши, шу жумладан, темир йўл транспорти жиҳатидан ўзаро боғлиқликнинг мустаҳкамланиши, ҳар томонлама иқтисодий тараққиётга йўл очишини қайд этиб, қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажмини кескин оширишга имкон беришига эътибор қаратди. Минтақада амалга оширишга киришилаётган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ҳам, барча Марказий Осиё давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишини таъкидлаган вилоят ҳокими, ушбу магистраль Ўзбекистонни Европа билан боғлашда муҳим ўрин тутишини билдирди.
Фарғона водийси ва Анадолу ўртасидаги жойлашган давлатларни боғлайдиган учта йўналиш – Транскаспий йўлаги, Жанубий ва Шимолий йўналишда темир йўл юк ташишлари ҳажмини ривожлантириш асосий мақсад эканини қайд этган Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, бунинг учун логистика соҳасида ишлайдиган компаниялар, логистик марказ вакилларини хусусий сектор билан боғлаб экспорт-импорт жараёнига қулай платформа яратиш йўлида иш олиб борилаётганини таъкидлади.
28.04.2023
11:49