Тадбиркорлик субъектлари диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги Фармонига мувофиқ 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларини бир маҳал бепул озиқ-овқат билан таъминлашни жорий этиш белгиланган.
Мазкур тизимни давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда бошланғич синф ўқувчиларини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш давлат маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари билан бепул таъминлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг (ФАО) болаларни соғлом овқатлантириш бўйича тавсияларини инобатга олиниши лозим бўлади:
- шакар истеъмолини камайтириш;
- тўйинмаган ёғларни истеъмол қилишга ўтиш, трансёғлардан фойдаланишни чеклаш;
- йодланган тузларни ишлатиш;
- дон, дуккакли маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар, ёнғоқларни кўпроқ истеъмол қилиш;
- ичимлик сифатида тозаланган газсиз сувдан фойдаланиш.
Мазкур тизимни атрофлича кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда жорий йил май ойида бошланғич синф ўқувчиларини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш масалаларини муҳокама этиш режалаштирилмоқда.
Ушбу тадбирда иштирок этиш истагидаги озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар таклифларини (корхона номи, ишлаб чиқарадиган озиқ-овқат маҳсулоти, тегишли сертифкатларига эгалиги, жойлашган манзили, тадбирда иштирок этадиган раҳбарнинг исми-шарифи ва алоқа телефон рақами) Савдо-саноат палатасига 2023 йил 8 май соат 10-00 га қадар маълум қилишларини сўраймиз.
Ушбу масалада қўшимча маълумот олиш учун Савдо-саноат палатаси масъул ходими Йўлдошали Хусанбоевга +99878 150-60-06 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
04.05.2023
14:22