Бошланғич синф ўқувчиларини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 10 май куни Савдо-саноат палатаси Раиси Даврон Вахабов бошчилигида кейтеринг ва аутсорсинг соҳасида фаолият юритувчи 70 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида бошланғич синф ўқувчиларини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида видеоконференцалоқа орқали учрашув бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларини бир маҳал бепул озиқ-овқат билан таъминлашни жорий этиш белгиланган.
Мазкур тизимни давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда амалга ошириш ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.
Айтиб ўтиш жоизки, 2023-2024 ўқув йилида жами 10 104 та умумий ўрта таълим муассасаларида таълим оладиган бошланғич синф ўқувчилари сони 2,6 млн нафар бўлиши кутилмоқда. Ушбу 10 104 та мактабларнинг 6 562 тасида ошхона ёки буфет мавжуд бўлса, 3 542 тасида ошхона мавжуд эмас.
Ушбу учрашувда барча ҳудудларда умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларини бир маҳал бепул озиқ-овқат билан таъминлашни жорий этиш масалалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бепул таъминлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг болаларни соғлом овқатлантириш бўйича тавсиялари муҳокама қилинди.
Учрашув якуни бўйича бошланғич синф ўқувчилари учун таомномалар бўйича таклифлар бериш тўғрисида келишиб олинди.
ССП матбуот хизмати
11.05.2023
10:00