Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида Палата раиси Даврон Вахабов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 84-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 2000 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари мавжуд бўлиб, уларни қўллаш билан боғлиқ қийинчиликлар туғилмоқда.
Шу боис, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш кўзда тутилмоқда. Уларнинг 11 та қонун ҳамда 11 та қонун ости ҳужжатлари бўлиб ҳисобланади. Кодекснинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, Адлия, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Бош прокуратура ходимлари ҳамда турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган фаол тадбиркорлик субъектлари ҳамда экспертлар иштирок этишди.
Йиғилиш қизғин муҳокама шаклида ўтиб, тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалаларига доир фикр-мулоҳазалар эшитилди, лойиҳанинг тегишли қисмларини қайта кўриб чиқишга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси “Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган ваколат доирасида ўрганиб чиқилиб, тегишли таклифлар лойиҳа муаллифларига тақдим қилинган.
Тадбирда иштирокчилар ушбу лойиҳани яна бир бор кўриб чиқиш, унинг ҳар бир моддаси бўйича ўз таклифларини ҳамда эътирозларини билдириш ва муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
ССП матбуот хизмати
15.05.2023
09:25