Савдо-саноат палатасида Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 17 май куни Савдо-саноат палатасида “UAIDE” компанияси директори Ли Бом Хи бошчилигидаги Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Кореядаги турли университетлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўзаро ҳамкорлиги учун имкониятлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доираларига Жанубий Кореянинг технология ва IТ соҳасидаги тажрибасини ўрганишга кўмаклашишдан иборат.
М.Адилов Ўзбекистон корхоналари Корея билан ҳамкорлик қилишдан, шунингдек, робототехника ва умуман технология соҳасида етакчилардан бири бўлган ушбу мамлакат тажрибасини ўзлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Шунингдек, М.Адилов ҳамкорлар топиш ва улар ўртасида музокаралар олиб бориш жараёнини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Корея тадбиркорлари учун ягона платформа яратиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Жаноб Ли Бом Хи, ўз навбатида, кореялик тадбиркорлар тажрибасидан келиб чиқиб, платформалар орқали ҳамкорлар топиш, товарлар билан танишиш ва музокаралар олиб бориш чинакамига вазифани осонлаштиришини қайд этди, бироқ келажакда томонлар жонли алоқа ўрнатиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, хорижий томон платформани ишлаб чиқиш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш учун Корея ишбилармон доираларини жалб қилишга тайёрлигини қайд этди.
Учрашув давомида меҳмонлар Савдо-саноат палатасининг фаолияти, республикамиздаги тадбиркорлик имкониятлари билан ҳам таништирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кореянинг “UAIDE” компанияси, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кореянинг Чангвон Миллий университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
ССП матбуот хизмати
18.05.2023
11:08