Хитойнинг «Taitong International Transport» компанияси президенти билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил май ойида Хитой Халқ Республикасига амалга оширган олий даражадаги ташрифи давомида ташкил этилган давра суҳбатида ХХРнинг «Taitong International Transport» компанияси президенти Чу Сюан Ўзбекистонда логистика ҳабини очиш истаги борлигини маълум қилган.
Шу боис, икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида, компаниянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиб, жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида компания президенти Чу Сюан билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Хайдаров Нодир, Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси раисининг ўринбосари Халилов Энвер ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этди.
«Taitong International Transport» Хитойнинг Хебей провинциясида юк ташиш, омборхона, автомобиль, темир йўл, денгиз, ҳаво транспорти йўналишларига ихтисослашган йирик транспорт компанияси ҳисобланади.
Компаниянинг ташрифидан мақсад Ўзбекистон-Хитой корхонасини ташкил этиб, офис очиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат.
Шунингдек, учрашувда Тошкент ва Андижон шаҳарларида фаолият олиб бориш ва темир йўлларда божхона назоратини яратиш имкониятлари ҳамда Тошкент ва Андижондан Туркия, Саудия Арабистони, Эрон, Афғонистон ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларига транзит ташиш жараёнлари ва харажатлари муҳокама қилинди.
ССП матбуот хизмати
30.05.2023
09:55