Ўзбекистонлик тадбиркорлар Италияда
Жорий йилнинг 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италия Республикасига расмий ташрифи доирасида Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган Италия-Ўзбекистон Бизнес-форумида Савдо-саноат палатаси бошчилигида қишлоқ хўжалиги, текстил, қурилиш ва қурилиш материаллари, фармацевтика, ахборот технологиялари йўналишларида 70 дан ортиқ ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида ташкил этилган В2В учрашувлар давомида бир қатор шартномалар имзоланди. Жумладан:
- электротехника йўналишида “Steel Wire Tech” ҚК сим маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Италиянинг “Eurodraw Wire Equipment S.r.l” компанияси билан қиймати 2,2 млн еврога тенг юқори самарали симни қайта ишлаш ускунасини ҳарид қилиш бўйича савдо шартномаси;
- текстиль йўналишида “Peshku Global Textile Oil” МЧЖ Италиянинг “Lonati S.p.A”, “Dettin S.p.A”, “Grandis S.R.L”, “Flainox S.R.L”, “RF Systems” компаниялари билан ҳамкорликда Бухоро вилоятининг Пешку туманида тирикотаж ва кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қиймати 1,3 млн еврога тенг инвестиция шартномаси;
- қишлоқ хўжалиги йўналишида “Lord fruits” МЧЖ Италиянинг “Sede” ҳамда “Besana” компаниялари билан қуритилган мева маҳсулотлари экспорти бўйича қиймати 800 минг еврога тенг савдо шартномаси имзоланди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари бўйича музокаралар давом этмоқда.
ССП матбуот хизмати
09.06.2023
10:29