Ўзбекистон-Туркия: B2B форматида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 20 июн куни Туркия экспортчилар ассамблеяси (TIM) бошчилигида Туркиянинг турли соҳалардаги 33 та компаниясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида B2B форматида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Туркия Савдо вазирлиги ҳамда Туркия экспортчилар ассамблеяси томонидан ўтказилди.
Туркия экспортчилар ассамблеяси (TIM) - Туркиянинг ташқи савдосига раҳбарлик қилиш, экспорт сиёсатини белгилаш, бозор хилма-хиллигини ривожлантириш ва экспортчиларнинг халқаро бозордаги рақобатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Муассасанинг асосий вазифаси ташқи савдонинг барқарор ҳажмини ошириш, ҳамкор давлатлар билан икки томонлама савдо, ижтимоий ва маданий алоқаларни ривожлантиришдан иборат.
Ассамблея мамлакат иқтисодиёти ва экспортини ривожлантириш бўйича стратегик режаларни тайёрлайди ва ҳукуматга таклиф беради, экспорт стратегияси, инновацион стратегия, инкубация марказлари каби муҳим тадқиқотларни мувофиқлаштиради.
Тадбир Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Туркия экспортчилар ассамблеясининг халқаро масалалар бўйича аъзоси Исмаил Йилмаз, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ҳамда бошқа бир қатор мутассади вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўтказилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг қурилиш, тиббиёт, косметика, тилла буюмлари ва техник жиҳозлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ўз нутқида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутиши тўғрисида таъкидлади.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар бундай музокаралар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда хизмат қилиши тўғрисида таъкидлади.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширишга доир масалалар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар тажриба алмашиб, товарларни экспорт ва импорт қилиш шартларини яхшилашга доир масалаларни кўриб чиқди.
Маълумот учун, 2023-йилнинг январ-феврал ойлари ҳолатига кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 547,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2022-йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 фоизга ошган.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
ССП матбуот хизмати
20.06.2023
14:26