“Янги Ўзбекистон: қулай бизнес муҳити” халқаро сессия бўлиб ўтди
2023 йил 4 июль куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Event Hall” тадбирлар залида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Янги Ўзбекистон: қулай бизнес муҳити” мавзусида халқаро сессия ташкил этилди.
“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирдан асосий мақсад Янги Ўзбекистонда бизнес юритишни енгиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилиш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга тадбиқ этиш ва бунинг самараси борасида фикр алмашиш, кенг жамоатчиликни Янги Ўзбекистонда тадбиркор ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яратилган миллий механизм билан таништиришдан иборатдир.
“Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чоралар ва натижалар” ва “Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яратилган миллий механизм” каби мавзуларда ўтказилган мазкур тадбирда сўнгги йилларда республикада олиб борилаётган ишбилармонлик муҳитини яҳшилашга доир ислоҳотлар мазмуни ва соҳадаги кенг ўзгаришлар таҳлилига атрофлича тўхталиб ўтилди, қолаверса, тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлашда муҳим ўзгаришлар жараёни жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2017-2022 йилларда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида жами 3 087 та қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
Солиқ маъмурчилиги соддалаштирилди, солиқ юки қисқартирилди. Сўнгги олти йилда тадбиркорлик субъектларининг сони 6 баравар ошиб, бугунги кунда 2 миллионга етди.
Пандемия даврида тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиб, уларга 86 трлн. сўм кредит, 33 трлн. сўмлик имтиёзлар ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилди.
Тижорат банклари томонидан ҳудудлардаги 54,9 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга 41,9 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 120 мингдан ортиқ ёшларга 2 трлн. 894 млрд. сўмлик, 233 мингдан зиёд хотин-қизларга оилавий тадбиркорлик учун жами 4,7 трлн. сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилиб, улар томонидан 200 мингдан ошиқ янги иш ўринлари яратилди.
Тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш, солиққа тортиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун зарур маблағлар ва инфратузилма билан таъминлаш, Солиқ ва божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари тизимли равишда давом эттирилади.
ССП Матбуот хизмати
04.07.2023
16:03