Жиззах шаҳрида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнининг 17 июль куни Жиззах шаҳрида “Тадбиркорлик учун янги таклиф ва ташаббуслар” шиори остида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси фаолияти тўғрисидаги видеоролик намойиши билан очиб берилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов бошчилигида бўлиб ўтди.
Шунингдек, мазкур тадбирда Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, Марказий банк Жиззах вилояти филиали вакиллари, тижорат банклари вакиллари, вилоятнинг барча туманларидан 120 тадан зиёд тадбиркорлар ҳамда республика идорадаридан экспертлар, хусусан, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари иштирок этди.
Ушбу очиқ мулоқотни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, тадбиркорлик соҳасида кузатилаётган тизимли муаммоларни ўрганиш, уларни муҳокама қилиш, шунингдек, тадбиркорларга қулайлик ва янгилликлар яратишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур тадбирда иштирокчиларнинг барча саволларига Ислом Жасимов ҳамда экспертлар томонидан жавоблар берилди ва тадбиркорлар фаолиятида рўй бераётган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритилиши белгилаб олинди.
ССП Матбуот хизмати
18.07.2023
16:21