Ўзбекистон-Грузия Ишбилармонлар кенгаши тузилади
Жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Грузия Республикасига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Грузия ва Ўзбекистон Республикаси барқарор савдо ҳамкорлари экани, мамлакатлар ўртасида бу борада янада кўпроқ салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Шу қаторда, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Грузия Савдо-саноат палатаси билан Ўзбекистон-Грузия Ишбилармонлар кенгаши тузиш тўғрисида келишув имзоланди.
Жорий йилнинг октябрь ойида эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Грузия Бизнес-форуми ўтказишга келишиб олинди. Бизнес-форумда Грузиянинг Ўзбекистонга катта қизиқиш билдираётган виночилик, туризм, текстиль ва электротехника йўналишларида фаолият юритувчи компаниялари иштирок этиши режалаштирилмоқда.
ССП Матбуот хизмати
18.07.2023
17:47