Гамбург шаҳрида “Германия-Евроосиё ўрта бизнеси” иккинчи форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Гамбург шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов иштирокида “Германия-Евроосиё ўрта бизнеси” иккинчи форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форум Германия-Евроосиё ишбилармонлар уюшмаси томонидан ташкил этилган бўлиб, Германия ва МДҲ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий соҳада икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Германия-Евроосиё бизнес ассоциацияси Германиянинг МДҲ мамлакатларида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ ўрта ва кичик компанияларини бирлаштиради.
Германиянинг 150 дан ортиқ компанияси раҳбарияти иштирок этган тадбирда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги салоҳияти намойиш этилди. Германия тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш қувватларини мамлакатимизга кўчириш борасида мамлакатимизнинг имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунлари бўйича томонлар жорий йилнинг 7-11 ноябрь кунлари Германия-Евроосиё ўрта бизнес уюшмаси раҳбарияти бошчилигидаги 100 га яқин немис бизнес вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишиб олдилар.
Ушбу ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги саноат зоналари, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларига ташриф уюштириш белгиланди.
ССП матбуот хизмати
27.09.2023
15:22