Ўзбек-Қатар Ишбилармонлар Кенгашини тузиш битими имзоланди
Ўзбекистон Президентининг Қатар Давлатига давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қатар Савдо-саноат палатаси ўртасида Англашув меморандуми ва Ўзбек-Қатар Ишбилармонлар Кенгашини тузиш битими имзоланди.
Битим Қатар палатаси биринчи вице-президенти Муҳаммад Ал-Кувари ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ўртасидаги учрашув якунлари бўйича имзоланди.
Англашув меморандуми икки давлатнинг ишбилармон доиралари ўртасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш ва уларни келгусида ривожлантириш бўйича савдо-иқтисодий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш иқтисодий ва тижорат қонунчилигига тааллуқли маълумот билан бўлишиш ва бундай маълумотларни қандай олиш, шарҳлаш ва таҳлил қилиш бўйича кўрсатмалар беради.
Ишбилармонлар Кенгашининг тузилиши эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, улар учун ўзаро муносабатларнинг янги платформаларини яратишга, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини Қатарга экспорт қилиш ҳажмини ошириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишда ёрдам беради.
Учрашув давомида Даврон Вахабов Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада қўллаб-қувватлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этилишини таъкидлади. Ўз навбатида Қатар Савдо-саноат палатаси томонидан ушбу фикр қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Д.Вахабов Ўзбекистонда туризм соҳасида яратилаётган имкониятлар ва тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
ССП матбуот хизмати
03.10.2023
09:18