Бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва рухсат этувчи ҳужжатларни топшириш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
2016 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат этувчи ҳужжатларни топшириш тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Қонунчилик палатасининг депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирликларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқ ва ахборот технологиялари соҳалари мутахассислари, бизнес, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари фаол иштирок этдилар.
Хусусан, 2016 йил 5 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4848 сонли “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкнинг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши ва ишбилармонлик муҳитини сифатли яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини амалда ижро этишга оид вазифалар билан боғлиқ кенг кўламли масалалар давра суҳбатининг кун тартибидан ўрин олди.
Давлат ҳокимияти органларининг назорат ва бошқарув функцияларини яанада қисқартириш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рухсат этувчи ҳужжатларни топшириш тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг энг муҳим йўналиши саналади.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4848 сонли 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкнинг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши ва ишбилармонлик муҳитини сифатли яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат этувчи тоифага мансуб ҳужжатларни бартараф этиш ҳамда рухсат этувчи тартиб-тамойиллардан ўтиш муддатларини қисқартириш бўйича вазифа давлат фаолиятидаги устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Бу борада, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ташаббуслар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, жумладан, мазкур ҳаракатларни бевосита алоқасиз шаклда, яъни Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи ёрдамида амалга ошириш каби масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Давлат сиёсатининг тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш тизимини либераллаштириш бўйича устуворликларига мувофиқ, республикамизда бизнесни рўйхатга олиш тартибини янада такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлиб, жумладан, рўйхатдан ўтказиш муддатлари ва уни амалга ошириш учун зарур тартиб-тамойиллар сони қисқартирилди, дастлабки устав капиталини шакллантириш, мухр ва штампни нотариус тасдиғидан ўтказиш, кичик бизнес субъектлари учун банкларда ҳисоб рақамларини очишда тўловлар амалга ошириш бўйича талаблар бекор қилинди. Бундан ташқари, 2014 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилган бўлиб, бунда рўйхатдан ўтиш учун барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳонома ва рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини электрон шаклда тақдим этиш имконияти мавжуд.
Тадбиркорлик субъектларига сифатли электрон давлат хизматларини тақдим этиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган фаолият самарадорлиги ва унумдорлигини оширади. Ариза берувчилар билан бевосита алоқасиз электрон шаклдаги мулоқотнинг жорий этилиши коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид тўсиқларни бартараф этиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиб беради.
Давра суҳбати давомида мувофиқ вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилаётган фаолиятнинг миллий ахборот қонунчилиги талаблари, хусусан, “Электрон ҳукумат тўғрисида”, “Электрон ҳужжатлар айланмаси тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари меъёрларига мувофиқлиги батафсил муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини Интернет бутунжаҳон тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини тартибга солувчи қонучиликни янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг низомларига мувофиқ равишда, тадбиркорлик субъектларини Интернет бутунжаҳон тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришни таъминлашга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши заруриятини қайд этиб, бўлиб ўтган муҳокамалар асосида унинг матнига доир асосланган таклифларини шакллантирдилар.
Презентациялар:
ЎзССП Матбуот хизмати
21.10.2016
13:11