Европа Иттифоқи делегацияси миссияси вакили жаноб Якопо Турини билан учрашув
14 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Раиснинг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва Европа Иттифоқи делегацияси миссияси вакили жаноб Якопо Турини билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Палата томонидан Марказий Осиё Минтақавий Экологик Маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Қишлоқ-озиқ-овқат саноатида ресурс самарадорлиги” (РЕАП) лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
РЕАП лойиҳасининг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- кичик корхоналарга (Тошкент, Фарғона ва Бухоро вилоятларида) ресурслардан самарали фойдаланиш технологияларини жорий этиш асосида маҳсулот таннархини пасайтиришда амалий ёрдам кўрсатиш;
- барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш концепциясига асосланган янги молиялаштириш воситаларини жорий этишда маҳаллий молия институтларига кўмаклашиш;
- мавжуд қишлоқ хўжалиги кластерларига тежамкор ишлаб чиқариш амалиётини интеграциялашувига кўмаклашиш;
- ишлаб чиқариш жараёнларининг узоқ муддатли истиқболда атроф-муҳитга таъсири масалаларида маҳаллий ташкилотларнинг институционал ривожланиши.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида ўтган даврда Ўзбекистондаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун кўникма, билим ва воситаларга эга 12 та техник маслаҳатчи тайёрланди.
Ўқитилган маҳаллий техник маслаҳатчилар халқаро экспертлар билан биргаликда Ўзбекистонда 136 та кичик ва ўрта корхоналар (230 та корхона режалаштирилган) учун дастлабки баҳолаш ва ресурслар самарадорлигини ҳисоблаш ишларини олиб борди.
Ушбу корхоналар хом ашё, энергия ва сув ресурсларини тежаш мақсадида ресурслар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда қўллаб-қувватланмоқда, бу эса сезиларли тежаш имконини беради ва маҳсулот таннархини пасайтиради.
Ислом Жасимов Европа Иттифоқи миссияси вакилига ишлаб чиқаришда энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш асосида иқтисодиётда энергия ва ресурс харажатларини камайтириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган давлат дастурлари ижроси ҳақида маълумот берди.
ССП матбуот хизмати
15.11.2023
11:59