Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкентда Архангелск вилояти ишбилармон доиралари ва Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ва Б2Б музокаралари бўлиб ўтди.
Тадбир 15-18 ноябрда Архангелск вилояти губернатори Александр Цибулский бошчилигидаги вилоят ишбилармон доиралари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт-импорт етказиб беришни кўпайтириш орқали Ўзбекистон ва Архангелск ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
Ушбу форумда 25 нафар Архангелск ва 100 дан ортиқ Ўзбекистон компания вакиллари, хусусан, ўрмон, целлюлоза-қоғоз, енгил саноат ва чакана савдо, ахборот-коммуникация технологиялари, машинасозлик, металлга ишлов бериш, қурилиш саноати соҳаларида фаолият олиб борувчи компаниялар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги савдо вакили Қ.Злигостев, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н.Шарипов, Архангелск вилояти губернатори А.Цибулский иштирокчиларга кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва “Архангелск вилояти Савдо-саноат палатаси” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, “Северная защита” МЧЖ ва “VIDCOM” МЧЖ, “Вудкомпонент” МЧЖ ва “BELUKROS” МЧЖ, “КИТ Софит” МЧЖ ва “BIG AUTOMATION COMPANY” МЧЖ ўртасида ният баённомалари имзоланди.
Форум давомида Архангелск вилоятининг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти бўйича маърузалар ва тақдимотлар, шунингдек, Архангелск шаҳрида сармоявий таклифлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Б2Б форматидаги ишбилармонлик алоқалари алмашинуви доирасида эса Ўзбекистон-Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, қўшма бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, савдо-иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
ССП матбуот хизмати
17.11.2023
15:07