"ЖЕТРО" Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти ўртасида англашинув меморандуми имзоланди
Жорий йилнинг 10 январь куни Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсуке Козукининг ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг 200 га яқин йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида IT соҳаси, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.
Бизнес-форум давомида “Г2Б” ва “Б2Б” учрашувлари ҳам ташкил этилиб, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Форум якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "ЖЕТРО" Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти ўртасида англашинув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистонда "ЖЕТРО"нинг ваколатхонаси 2000 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосий вазифалари Япония компанияларидан мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, икки мамлакат саноат корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор технологиялар билан алмашишни ташкил этишдан иборат.
ССП матбуот хизмати
10.01.2024
17:22