Беларус Республикаси билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 22-26 январь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида 100 дан ортиқ ўзбекистонлик тадбиркорлар делигатсияси амалий ташриф билан Беларус Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида 23 январь куни Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Белоруссия ишбилармон доира вакиллари ўртасида давра суҳбати ҳамда Б2Б учрашувлари бўлиб ўтди.
Тадбир икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, Беларус ва Ўзбекистон корхона ва ташкилотлари вакиллари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилди.
Беларус томонидан турли соҳадаги корхоналарнинг 170 дан ортиқ вакиллари тадбирга қизиқиш билдиришди.
Ишбилармонлик учрашувини БелССП раиси Михаил Мятликов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшед Ураков, Ўзбекистон Республикасининг Беларус Республикасидаги Муваққат ишлар вакили Раҳматулла Назаров очди.
Мулоқотда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, қурилиш, ёғочсозлик, электротехника саноати ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни яна-да мустаҳкамлаш истиқболлари ва механизмлари муҳокама қилинди.
"Беллегпром" ва "Беллесбупром" консерни, шунингдек, "Беларус универсал товар биржаси" вакиллари ўзбекистонлик меҳмонларга Беларус ташкилотларининг енгил саноат, ёғочга ишлов бериш соҳаларидаги салоҳияти, икки давлат корхоналари биржа механизмидан фойдаланиш имкониятларини тақдим этди.
Ялпи қисм якунида икки мамлакат бизнес вакиллари тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Б2Б музокаралар форматида ишлашни давом эттирди.
ССП матбуот хизмати
23.01.2024
16:46