Олий Мажлиси Сенатининг Қўмита мажлисида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қонунлар муҳокама қилинди
Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида даставвал, “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Унда сенаторлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Муҳокама этилаётган Қонуннинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди.
Қонун билан Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган янги иш ўринлари сонидан келиб чиқиб, уларга солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган янги иш ўринлари сонига қараб қўшилган қиймат солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқ турларини ўн икки ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил 1 январгача “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши назарда тутилмоқда.
Мажлисда Қонуннинг қабул қилиниши солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, шунингдек, Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалардаги фуқароларни ишга қабул қилиш учун тадбиркорлик субъектларига қулай шароит-шароитлар яратишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан Фуқаролик кодекси ҳамда “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик кодекси янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, кредит бўйича қарздорликни ва кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда кредит бўйича фоизлар ва неустойкалар ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунда жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитларни қайтариш қобилиятини яхшилашга кредит тўловлари билан боғлиқ келиб тушаётган мурожаатларнинг камайишига хизмат қилиши таъкидланди. Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
31.01.2024
12:16