“Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини” жорий этиш бўйича семинар-тренинг
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 январдаги “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-39-сонли қарори билан солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини” жорий этиш белгиланган.
Ушбу қарор мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва қарорда белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрида 400 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирокида “семинар-тренинг” бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи маҳаллий тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад тадбиркорларга 2024 йил 1 февралдан жорий этилаётган “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги”да кўзда тутилган нормаларнинг мазмун-моҳиятини ҳамда тадбиркорларга унинг ижросини таъминлаш бўйича батафсил тушунтириш беришдан иборат.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов, Солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов кириш сўзи билан очиб берди.
Хусусан, кун тартибига мувофиқ, қарорнинг мазмун-моҳияти, Барқарорлик рейтинги бўйича тадбиркорларга бериладиган имтиёз ва преференцияларни ўз вақтида қўлланилиши устидан олиб бориладиган назорат, Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда автоматлаштирилган платформа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги ВМҚ-55-сонли Қарори билан тасдиқланган Барқарорлик рейтинги мезонлари мазмун-моҳияти хусусида маълумот берилди.
Эслатиб ўтамиз, Рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади:
“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
“BBB”, “BB” вa “B”тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
“ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Юқорида назарда тутилган рағбатлантириш чоралари давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 % ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Семинар-тренинг давомида мазкур қарор ва қарор билан жорий этилаётган Барқарорлик рейтингини иқтисодиёт, молия-бюджет соҳасида ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида долзарб ва муҳимлиги таъкидланиб, тадбиркорларни қизиқтирган саволларига экспертлар томонидан тушунтириш берилди ҳамда фикр-мулоҳазалари тингланди.
ССП матбуот хизмати
31.01.2024
17:57