“Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик” II бизнес форуми бўлиб ўтди
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан жорий йилнинг 29 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси, БМТ Тараққиёт Дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик” II бизнес форуми ўтказилди.
Унда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари, вазирлик ва идоралар, ОАВ, жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда хорижий экспертлар Ўзбекистонда бизнес вакиллари фаолияти учун яратилаётган имкониятлар, соҳадаги мавжуд муаммоларга оқилона ечимлар юзасидан ўзаро мулоқот қилинди.
Тадбир давомида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ўз нутқи билан иштирок этиб, коррупцияга қарши курашишда Палатанинг асосий вазифалари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Жумладан, тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган асосий сабаблардан бири коррупция эканлигини, шу боис Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ўз ваколатлари доирасида тадбиркорларимизни коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ҳалол фаолият юритиш руҳида тарбиялаш борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман ва бошқа ваколатли идоралар билан ҳамкорликда тизимли равишда профилактик ва тарғибот ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади.
Коррупцияга қарши курашишда Палатанинг айрим асосий вазифаларига тўхталиб ўтарканлар, энг муҳим вазифамиз - тадбиркорларни коррупциясиз фаолият юритиши, бу иллатга қарши тоқатсизлик ва муросасиз муносабатда бўлиш рухида тарбиялаш кераклигини ва бу борада ЁХҲТ билан ҳамкорликда “Бизнес юритиш этикаси кодекси” ишлаб чиқилганини, шунингдек, 40 минг нусҳада чоп этилиб, тадбиркорларга тарқатилганини таъкидлади.
Айтиб ўтиш жоизки, Палата томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бизнес-омбудсман ҳамда БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (UNODC) билан ҳамкорликда Ўзбекистон тадбиркорлик этикаси кодекси янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва 10 минг нусҳада чоп этилиб, тадбиркорларга етказилди.
Шунингдек, экспертлар томонидан бизнес соҳасида ҳалоллик стандартларига амал қилиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, биргаликда шаффоф Ипак йўли ташаббусини яратиш, тадбиркорлик фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларнинг қонунчиликдаги бўшлиқлар билан ўзаро боғлиқлиги, халқаро амалиёт ва хорижий тажрибадаги ютуқларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Юқорида қайд этилган масалаларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар асосида хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга доир амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Форум доирасида Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш Хартиясининг аъзолигига янги қабул қилинган тадбиркорлик субъектларига аъзолик сертификатларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов нутқи ва тақдимотини юклаб олишингиз мумкин.
ССП матбуот хизмати
29.11.2022
17:13